Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида "Декларациялар мулоқоти" халқаро форуми бўлиб ўтади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 10-13 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми бўлиб ўтади. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Америка Қўшма Штатларининг “Love Your Neighbor Community" (LYNC) нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида ўтказилмоқда.
Мазкур тадбир 2022 йилда Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўтказилган, кейинчалик БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида эътироф этилган Бухоро декларациясининг қабул қилиниши билан якунланган форумнинг мантиқий давоми бўлади.
"Декларациялар мулоқоти" 2016 йилдан бери Марракаш, Макка, Жакарта, Потомак ва Пунта дел Эсте каби шаҳарларда ўтказилиб келинмоқда. Бу анжуман маърифат, диний эркинлик ва бағрикенглик маданияти ғояларини тарғиб қилиш учун нуфузли халқаро майдон сифатида ўзини кўрсатди. Ҳар бир форум якунида консептуал ҳужжатлар – шу номдаги декларациялар қабул қилинади.
Ўзбекистонда форум илк бор 2019 йилда Тошкентда ўтказилди ва ўшандан буён дунё ҳамжамиятига ўзбек халқининг бой маданий-тарихий ҳамда диний-фалсафий меросини, шунингдек, мамлакатнинг жамиятда конфессиялараро тотувлик, диний бағрикенглик, дўстлик ва ўзаро англашув муҳитини таъминлаш борасидаги тажрибасини намойиш этиш имконини берувчи нуфузли халқаро тадбир мақомини олди.
Бўлажак форумда 15 та мамлакатдан, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия ва Марказий Осиё давлатларидан 50 га яқин етакчи диншунос, илоҳиётчи олим, эксперт ва юқори мартабали шахслар иштирок этиши кутилмоқда.
Форум якунида жаҳон ҳамжамиятига қарата якуний Мурожаатнома қабул қилинади. Унда диний озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, диний эътиқод асосида камситишга йўл қўймаслик, зўравон экстремизмга қарши курашиш воситаси сифатида диний маърифатни ривожлантириш, эътиқод эркинлигини инсоннинг умумбашарий ҳуқуқи сифатида тасдиқлаш ҳамда диний ва маданий қарашларидан қатъи назар, барча инсонларнинг тенг ҳуқуқлилигини рағбатлантиришга чақирилади.
Умуман олганда, "Декларациялар мулоқоти" II халқаро форуми натижалари глобал хилма-хиллик шароитида диний бағрикенгликни, ўзаро ҳурматни, саховатни ва халқларнинг тинч-тотув яшашини мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшади.