Тошкент ва Грузиянинг Reformatiks фирмаси туризм соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳри ҳокимининг ўринбосари Санджар Таджиев Грузия Республикасининг «Reformatiks» консалтинг компанияси делегацияси билан учрашув ўтказди.
Делегацияга «Reformatiks» консалтинг компаниясининг маслаҳатчиси Отар Бердзенишвили бошчилик қилди.
Делегация таркибига туризм соҳаси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари кирган.
Музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, туризм соҳасида истиқболдаги йирик лойиҳалар, халқаро ҳамкорлик имкониятлари, қолаверса, соҳани ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Санджар Таджиев минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади ва бундай ташрифлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликни ривожлантириш ҳамда ишбилармонлик муносабатларини чуқурлаштиришга хизмат қилишини қайд этди.
Музокаралар давомида жорий йилнинг ноябрь ойида томонлар ўртасида Тблиси ва Тошкент шаҳри ўртасида йирик туризм лойиҳаларини амалга ошириш бўйича меморандум имзоланишига келишиб олинди.
Давлат раҳбарининг топшириғига асосан, «Reformatiks» консалтинг компанияси экспертларининг мамлакатимизга ўнга яқин ташрифи амалга оширилди. Экспертларнинг ҳудудлардаги туристик манзилларга ташрифлари натижасида сайёҳлик инфратузилмасини шакллантириш, янги туристик маҳсулотлар яратиш ҳамда хизматлар сифатини ошириш бўйича истиқболли таклифлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, амалга оширилган ўрганишлар асосида юртимизда туризмни 2040 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳасининг 9 та йўналиши бўйича 2 та оралиқ ҳисобот тақдим этилди.