Валюта курслари 01/08/2025
$1 – 12692.42
UZS – 0.8%
€1 – 14511.24
UZS – -0.24%
₽1 – 158.44
UZS – 3.0%
Қидириш
Ўзбекистон 03/08/2025 Тошкент ва Фарғона шаҳарларида ноқонуний диний таълим ҳамда қонунга хилоф равишда диний адабиётлар чоп этиш ҳолатлари аниқланди

Тошкент ва Фарғона шаҳарларида ноқонуний диний таълим ҳамда қонунга хилоф равишда диний адабиётлар чоп этиш ҳолатлари аниқланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида яшовчи, 1993 й.т. шахс Олмазор туманининг “Жийдали” МФЙда вақтинча истиқомат қилаётган хонадонда 2025 йилнинг май ойидан буён 15 нафар ёшларга ноқонуний диний таълим беради ва бунинг эвазига ҳар биридан 150 АҚШ долларини олиб келади.

Аниқланишича, Республиканинг турли ҳудудларидан келган, 2004-2014 йиллар оралиғида туғилган бу "илм изловчилар"нинг 11 нафари вояга етмаган бўлиб, ачинарлиси, улар орасида 3 йилдан буён мактабга бормаётган ўқувчи ҳам бор.

Худди шу маҳаллада ижарага олинган яна бир хонадонда ҳам пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи, 1977 й.т., шахс жорий йилнинг июнь ойидан буён

10 нафар вояга етмаган болаларга ноқонуний диний таълим бериб, эвазига ҳар биридан 100 АҚШ доллари ҳамда егулик учун озиқ-овқат махсулотларини талаб қилган.

Албатта, бу шахснинг уддабуронлигини айтмаслик мумкин эмас. Ҳуқуқ тартибот органлари томонидан хонадонда текширувлар ўтказилиши эҳтимолини ҳисобга олиб, болаларни яшириш учун қўлбола ертўла қурдирган. Мазкур ертўла, яъни “қудуқ” темир қопқоқ билан ёпилиб, тош ва қум билан беркитилган. Бу билан у болаларнинг ҳаётини қанчалик хавф остига қўяётганини хатто ўйлаб ҳам кўрмаган.

Бу ноқонуний ҳаракатни шу йўсинда яширишга уриниши ҳеч бир қолипга сиғмайди.

Савол туғилади, фарзандини билим олиш мақсадида ушбу шахсга топширган ота-оналар! ўз зурриётингиз ертўлада сақланганидан хабарингиз борми?

Ҳар икки ҳолат бўйича махалла фуқаролар йиғинида сайёр суд ўтказилиб, ушбу шахслар МЖтКнинг 241-моддаси асосида жавобгарликка тортилди.

Таъкидлаш жоизки, улар ноқонуний диний таълим беришда махсус голограммага эга бўлмаган, норасмий шаклда чоп этилган мавзуга оид адабиётлар ва турли қўлёзмалардан фойдалангани аниқланди.

Хўш, бу каби адабиёт ва қўлёзмалар ўзи қаерда чоп этилмоқда?

Мазкур йўналишда Фарғона вилоятида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш билан боғлиқ ҳолат аниқланди.

Бувайда туманида яшовчи, 1991 й.т. фуқаро яшаш хонадони ва ўзига тегишли умумий овқатланиш шаҳобчасида босмахона ташкил қилиб, диний мазмундаги китобларни чоп этиш билан шуғулланган. Маълум бўлишича, у мазкур китобларни Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги китоб дўконларига етказиб берган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида келгусида сотиш мақсадида тайёрлаб қўйилган 1210 дона китоб, 2000 дона ярим тайёр ҳолатга келтирилган босма маҳсулоти ҳамда 6 та чоп этиш дастгоҳлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу шахс 2024 йилнинг июль ойида муқаддам диний мазмундаги китобларни қонунга хилоф равишда чоп этгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддаси билан жаримага тортилган бўлса-да, яна ноқонуний ҳаракатларини давом эттирган.

Ҳозирда, мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш жамиятда конфессиялараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорлайдиган ғоялар ҳамда қарашлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади.

Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг