Тошкент ва Анқара ўртасида авиақатновлар сони оширилмоқда
Тошкент ва Анқара ўртасида авиақатновлар сони оширилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Транспорт имкониятларини кенгайтириш Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги давлат сиёсатининг муҳим қисми ҳисобланади.
Хусусан, халқаро авиқатновлар сонини кўпайтириш кирувчи туризмни рағбатлантириш ва мамлакатга саёҳатлар географиясини кенгайтириш воситаларидан бири сифатида қаралмоқда.
2026 йил 1 апрель куни Тошкент шаҳрида туризм ва авиация соҳалари вакиллари иштирокида тармоқ тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида лоукостер сегментида фаолият юритувчи Туркиянинг АЖет авиакомпанияси томонидан “Тошкент – Анқара” йўналишидаги авиақатновлар сони ҳар кунлик даражага оширилиши эълон қилинди. Тадбирда тегишли идоралар ва соҳа компаниялари вакиллари қатнашди.
Рейслар сонининг оширилиши Ўзбекистонга хорижий сайёҳлар қизиқиши ортиб бораётган бир шароитда янада барқарор ва қулай авиқатновларни шакллантиришга хизмат қилади.
Мунтазам парвозлар сафарларни режалаштиришда мослашувчанликни оширади, транзит йўналишлар имкониятларини кенгайтиради ҳамда Анқара орқали Европа ва бошқа минтақаларга қатновларни янада қулайлаштиради.
Бу эса умуман олганда халқаро туристлар оқимининг ўсишига ва мамлакат туризм инфратузилмасининг ривожланишига хизмат қилади.