Валюта курслари 14/01/2026
$1 – 12048.04
UZS – -0.42%
€1 – 14062.47
UZS – -0.51%
₽1 – 153.28
UZS – -0.35%
Қидириш
Тошкент шаҳрида саноат корхоналарида экологик рейдлар давом этмоқда

Тошкент шаҳрида саноат корхоналарида экологик рейдлар давом этмоқда

Тошкент шаҳрида саноат корхоналарида экологик рейдлар давом этмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси раҳбарлигидаги Махсус комиссия атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини камайтириш мақсадида саноат корхоналарида экологик рейдларни давом эттирмоқда.

Навбатдаги текширувлар 13 январь куни Тошкент шаҳрининг Янгихаёт ва Сергели туманларидаги саноат ҳудудларида ўтказилди.

Сергели туманида комиссия пайвандланган қувурлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган В. Л. Галпарин номидаги Тошкент қувур заводи фаолиятини текширди. Ушбу корхона атроф-муҳитга юқори даражада таъсир кўрсатувчи объектлар тоифасига киради.

Янгихаёт туманида, Жанубий саноат зонаси ҳудудида экологияга юқори хавф туғдирувчи корхоналар қаторига кирувчи «Ўзвторцветмет» акциядорлик жамиятида ҳам текширув ўтказилди. Мазкур объектда 2025 йил октябрь ойида ҳам текширув амалга оширилган бўлиб, унинг якунларига кўра бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган эди.

Махсус комиссия қарори ва Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг кўрсатмасига мувофиқ, корхонани ишлаб чиқариш фаолиятини Янгихаёт туманида тўхтатган ҳолда бошқа ҳудудга кўчириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Эскирган ва экологик жиҳатдан хавфли эритиш печлари утилизация қилинади, корхона эса бошқа ҳудудда технологик жиҳатдан замонавий ва экологик хавфсиз ускуналарда фаолиятини давом эттиради.

Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш атмосферага тахминан 226,7 тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг олдини олади ва бу Янгихаёт туманида ҳаво сифатига сезиларли ижобий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, Жанубий саноат зонасида металл чиқиндиларини саралаш ва пресслаш билан шуғулланувчи «Иккиламчи қора металлар» корхонасининг Тошкент филиали фаолияти ҳам текширилди. Ушбу объект атроф-муҳитга ўртача даражада таъсир кўрсатувчи корхоналар тоифасига киради.

Ўтказилган текширувлар якунларига кўра, барча корхоналарга табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларига қатъий риоя этиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.

Пойтахтнинг саноат ҳудудларида экологик назорат давом эттирилмоқда, аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш эса тегишли органлар томонидан алоҳида назоратга олинган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР