Тошкент шаҳри делегациясининг Париж шаҳри Мерлигининг Туризм департаменти билан учрашуви бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги делегацияси Париж шаҳри Туризм департаменти вакиллари билан музокаралар олиб борди.
Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, туризм соҳасида тажриба алмашиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Музокаралар чоғида Париж шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган гастрономик фестиваль масаласи алоҳида кун тартибида кўриб чиқилди.
Ушбу фестиваль Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг тегишли топшириғига мувофиқ ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, унинг асосий мақсади – ўзбек миллий таомларини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, шунингдек, мамлакатимизнинг бой маданий меросини Франция ва бошқа хорижий аудиторияга етказишдан иборат.
Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозори ва гастрономик харитасидаги мавқеини мустаҳкамлашга, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.