Тошкент шаҳри Чилонзор туманида юк автомобили иштирокидаги ЙТҲда 21 ёшли курьер ҳалок бўлди
Тошкент шаҳри Чилонзор туманида юк автомобили иштирокидаги ЙТҲда 21 ёшли курьер ҳалок бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Фожиа қурбони етказиб бериш хизматида ишлаган 21 ёшли курьер бўлди.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ маълумотига кўра, ҳодиса 15 февраль куни соат 18:00 атрофида Тошкент ҳалқа автомобиль йўли ва Чорбоғ кўчаси кесишмасида юз берган.
Дастлабки маълумотларга кўра, бир йўналишда ҳаракатланаётган HOWO русумли юк автомобилини бошқарган 57 ёшли ҳайдовчи велосипедчини уриб юборган.
Олинган тан жароҳатлари оқибатида ёш йигит воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми — ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одам ўлимига сабаб бўлиш моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, содир бўлган воқеанинг барча ҳолатлари аниқланмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати яна бир бор ҳаракат иштирокчиларини ҳушёрликка чақирди.
Ҳайдовчиларга тезлик режимига қатъий риоя қилиш ва айниқса кечки вақтларда йўл қатнов қисмида велосипедчилар борлигини инобатга олиш тавсия этилди.