Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси бош инспекторига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси бош инспекторига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан кўриб чиқилаётган Сурхондарё вилоятида рўйхатдан ўтган, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 167 ва 184-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган тафтиш давомида МЧЖга нисбатан қўшимча 8,7 млрд сўм солиқ ҳисобланади.
Шундан сўнг, жорий йилнинг 15 сентябрь куни суд томонидан мазкур МЧЖда қайта тафтиш ўтказиш бўйича ажрим чиқарилгач, Тошкент шаҳар Солиқ бошқармасининг Солиқ аудити бўлими бош инспектори қайта тафтиш давомида ушбу қўшимча солиқни бекор қилиб беришини айтиб, эвазига МЧЖ вакилларидан 5 минг АҚШ доллари олади.
Аммо, бош инспектор дастлабки тафтишда ҳисобланган қўшимча 8,7 млрд сўмлик солиқни тўлиқ бекор қилишни уддалай олмагач, муқаддам олган 5 минг АҚШ долларини МЧЖ вакилларига қайтариб берган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.