Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Сеул делегацияси билан икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пойтахт ҳокимлигида Сеул шаҳар мерининг биринчи маъмурий ўринбосари Ким Таэ Кюн бошчилигидаги делегация қабул қилинди. Меҳмонларни Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова кутиб олди.
Учрашув давомида Дурдона Раҳимова Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги стратегик ҳамкорлик, хусусан, Тошкент ҳамда Сеул шаҳарлари ўртасидаги дўстона алоқаларнинг изчил ривожланиб бораётганини қайд этди. У Тошкентда амалга оширилаётган Корея иштирокидаги инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берди ва икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш йўлида Тошкент шаҳар ҳокимлиги доимий очиқлигини билдирди.
Ўз навбатида, Ким Таэ Кюн Тошкент шаҳрининг сўнгги йиллардаги тараққиёти ва инвестицион салоҳиятини юксак баҳолади.
Шунингдек, Ким Таэ Кюн Сеул шаҳри маъмурияти номидан Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаковни 2025 йил 29 сентябрь куни Сеул шаҳрида бўлиб ўтадиган “Метрополис шаҳарлар тармоғининг 40 йиллигига бағишланган Сеул Конгресси”да иштирок этишга расмий равишда таклиф қилди.