Валюта курслари 27/02/2026
$1 – 12136.57
UZS – -0.0%
€1 – 14318.73
UZS – 0.08%
₽1 – 157.70
UZS – -0.52%
Қидириш
Тошкент марказида уриб кетилган ЙПX инспектори олган жароҳатлари оқибатида вафот этди

Тошкент марказида уриб кетилган ЙПX инспектори олган жароҳатлари оқибатида вафот этди

Тошкент марказида уриб кетилган ЙПX инспектори олган жароҳатлари оқибатида вафот этди

 Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига қарашли йўл-патруль хизмати инспектори Хосилбек Эшназаров пойтахт марказида BMW русумли автомашинани бошқарган мактаб ўқувчиси томонидан уриб кетилиб, олган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот котиби маълум қилди.

ЙҲХББ маълумотларига кўра, ички ишлар органи ходими уч сутка давомида шифокорлар назорати остида бўлган, бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган.

Хосилбек Эшназаров 1993 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. У ички ишлар органларидаги хизматини 2022 йилда бошлаган. Марҳумдан уч нафар фарзанд қолган.

Фожиа 25 февраль куни кечқурун содир бўлган. Соат 21:46 да ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 10-синф ўқувчиси BMW M4 автомашинасини бошқариб, хизмат вазифасини бажараётган ЙПX инспекторини уриб кетган. Жабрланувчи оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Текширув давомида аниқланишича, вояга етмаган шахс аввал ҳам ҳуқуқбузарликлар, жумладан, мактаб машғулотларини қолдириш, автомашинани ўзбошимчалик билан бошқариш ва йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари учун жавобгарликка тортилган. Унинг ота-онаси ҳам маъмурий жазоларга тортилган.

Тўқнашувда ишлатилган машина бир қиз номига рўйхатдан ўтказилган бўлиб, маълум бўлишича, у 2024 йилдан буён 18 марта транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга автомашинани берган ва 37 марта йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган.

Йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳодиса билан боғлиқ тергов ҳаракатлари доирасида аввал ижтимоий тармоқларда вазият устидан кулган ва йўл ҳаракати қоидаларини бузишларини ошкора намойиш қилиб келган ёш йигит жавобгарликка тортилган ҳамда унга 10 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг