Тошкент иссиқлик электр станцияси мазутдан бутунлай воз кечиб, табиий газга ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент иссиқлик электр станцияси мазутдан фойдаланишдан бутунлай воз кечди: электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш эндиликда фақат табиий газда ишлайдиган замонавий ускуналарда амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан 2024 йилда мазкур марказда умумий қуввати 64 МВт бўлган янги газ-турбиналари фойдаланишга топширилди. Ушбу қурилмалар орқали: 515 млн кВт⋅соат электр ва 630 Гкал иссиқлик энергияси пойтахт аҳолиси ва иқтисодиёти эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилмоқда.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини яхшилаш доимий эътибор марказида бўлиб, энергия ишлаб чиқариш жараёнида экологик хавфсизлик таъминланмоқда. Марказда жойлашган 3 та замонавий газ-турбинали қурилмаларга экопостлар ўрнатилган бўлиб, улар орқали атмосферага чиқарилаётган газлар доимий мониторинг маркази томонидан кузатилиб, таҳлил қилиб борилади.
Энергетика соҳасидаги халқаро ҳамкорлик доирасида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ва Туркиянинг «Илтекно» компанияси билан биргаликда Тошкентнинг Чилонзор, Олмазор ва Сергели туманларида замонавий когенерация марказлари бунёд этилди.
Ушбу марказларда сўнгги авлод технологиялари жорий қилинган бўлиб, паст босимдаги табиий газ асосида ҳам электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Бу эса фаолиятни янада самарали ва экологик хавфсиз амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Мана шу каби қурилмалар пойтахтнинг 7 та — Мирзо Улуғбек, Юнсобод, Шайхонтоҳур, Учтепа, Миробод, Яшнобод, Янгиҳаёт туманларида ҳам жорий этилади.
Шунингдек, корхона Тошкент шаҳри марказида жойлашгани боис, экологияга ижобий таъсир кўрсатиш ва шаҳар кўркини ошириш борасида ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида 2025 йилнинг ўзида 5 минг туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.