Тошкент ИИББ: Likecup футбол ўйинидаги жанжал — саҳналаштирилгани аниқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган, гўёки футбол учрашуви пайтида юз берган жанжални акс эттирган видеоролик юзасидан расмий изоҳ берди.
Маълум қилинишича, 2025 йил 28 май куни соат 21:00 атрофида Шайхонтоҳур туманидаги «Жар» стадионида Likecup лойиҳаси доирасида артистлар ва блогерлар ўртасида дўстона футбол учрашуви бўлиб ўтган.
Ўйин якунида 2004 йилда туғилган фуқаро О.У. пиар мақсадида жамоалар ўртасида сохта жанжални саҳналаштириб, бу видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.
Жамоат тартибини бузувчи бундай ҳаракатлар қонун билан жавобгарликка сабаб бўлади. Мазкур ҳолат юзасидан профилактик суҳбатлар ўтказилди, лойиҳа фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Ҳозирда жанжалда иштирок этган барча шахслар аниқланган, уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида чоралар кўрилмоқда. Ҳужжатлар судга юборилган.