Тошкент IAOM Евросиё 2026 халқаро конференциясига мезбонлик қилади

Тошкент IAOM Евросиё 2026 халқаро конференциясига мезбонлик қилади

Тошкент IAOM Евросиё 2026 халқаро конференциясига мезбонлик қилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 24 март куни Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов Халқаро оператив тегирмончилар ассоциацияси (IAOM) ижрочи котиби Вурал Курал билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида донни қайта ишлаш саноатида ҳамкорликни ривожлантириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда мутахассислар ўртасида тажриба алмашинувини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

IAOM — донни қайта ишлаш саноатида фаолият юритувчи дунёдаги энг йирик нодавлат профессионал ташкилотлардан бири ҳисобланади. У АҚШ ва халқаро даражадаги бўлинмалари орқали тегирмончилар, соҳа мутахассислари ва бизнес вакилларини бирлаштириб, таълим, замонавий технологиялар ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади.

Музокаралар чоғида IAOM Eurasia 2026 конференцияси ва кўргазмасини жорий йил 28–29 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ушбу тадбирни юқори савияда ташкил этиш, халқаро иштирокчиларни жалб қилиш ва уни минтақадаги муҳим соҳа платформасига айлантириш бўйича фикр алмашдилар.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг