Тошкент бюджет сиёсатига инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда
Тошкент бюджет сиёсатига инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 6 апрель куни Тошкент шаҳрида шу мавзуда уч кунлик семинар бошланди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги иштирокида ташкил этилди.
Анжуманда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси каби 20 дан ортиқ вазирлик ва идора вакиллари иштирок этмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов семинарни очар экан, ҳозирги шароитда бюджет сиёсати инсон ҳуқуқларини амалга оширишнинг асосий воситаларидан бири бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Академик А. Саидов қайд этганидек, айнан бюджет орқали давлат сиёсатида инсон ҳуқуқлари устуворлигининг реал даражаси намоён бўлади ва ушбу ҳуқуқларнинг амалий ижроси таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова мамлакатимизда давлат молиясини бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бюджет харажатларининг самарадорлиги ва манзиллилигини оширишга қаратилганини таъкидлади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ташаббусли бюджет" (Open Budget) ташаббуси фуқароларнинг бюджет маблағларини тақсимлаш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш, давлат молиясининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини ошириш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларини шакллантиришда аҳоли эҳтиёжларини янада тўлиқ ҳисобга олишни таъминлашнинг самарали механизмига айлангани алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси мутахассиси Игорь Гришко эксперт сифатида иштирок этар экан, инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан бюджет сиёсатини таҳлил қилишнинг замонавий методологияларини тақдим этди. Унинг таъкидлашича, "инсон ҳуқуқларига асосланган бюджет давлатларга ўз қарорларининг тенгсизлик даражасига ва фуқароларнинг асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятига таъсирини аниқроқ баҳолаш имконини беради, шунингдек, бюджет жараёнининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини оширади".
Семинар дастури иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар соҳасидаги халқаро стандартлар, уларни мониторинг қилиш механизмлари, бюджет цикли ва жамоатчилик иштироки, шунингдек, инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан бюджет харажатлари ва даромадларини таҳлил қилишнинг амалий воситаларини ўз ичига олган кенг кўламли масалаларни қамрайди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Республикасининг бюджет ва ижтимоий-иқтисодий сиёсатида инсон ҳуқуқлари интеграциясини янада мустаҳкамлашга қаратилган амалий тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган.