Тошкент аэропортида робот-бариста пайдо бўлиши мумкин
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Uzbekistan Airports электрон платформа — E-auksion орқали «Тошкент» халқаро аэропортидаги айрим майдонларни ижарага бериш бўйича янги лотларни жойлаштирди.
Аэропортнинг асосий ҳудудида ҳаво кемалари учун контейнерлар ҳамда техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи компаниялар учун мўлжалланган 30 ва 53 квадрат метрлик хоналар савдога қўйилди.
Уларнинг йиллик бошланғич ижара баҳоси мос равишда 144 миллион ва 254 миллион сўмни ташкил этади.
Бундан ташқари, халқаро рейслар парвозлар терминалида қаҳва тайёрлайдиган роботлаштирилган кичик киоск ўрнатиш режалаштирилган. Бу мақсадда 3 квадрат метрлик майдон аукционга қўйилди.
Uzbekistan Airports матбуот хизмати таъкидлашича, ижарадорлар техник топшириқ талабларига қатъий риоя қилиши шарт. Савдоларда иштирок этиш шартлари, компанияларга қўйиладиган талаблар, бошланғич нархлар ва савдо қоидалари E-auksion сайтида жойлаштирилган.
Регламентга кўра, савдо жараёнида бошланғич нархлар камида 10 фоизга ошиши мумкин.
Аукционлар 2025 йил 7 октябрда бўлиб ўтади.