Толимаржон ИЭСда йирик қувватли энергетика лойиҳаси ишга туширилди
Толимаржон ИЭСда йирик қувватли энергетика лойиҳаси ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда янги энергетика қувватлари ишга туширилди ҳамда навбатдаги йирик лойиҳаларнинг қурилишига старт берилди.
Маросимда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги Толимаржон ИЭСда дунёнинг етакчи компаниялари ҳамкорлигида, замонавий технологиялар асосида қурилган 1065 МВт қувватга эга буғ-газ қурилмаси расман ишга қўшилгани эълон қилинди.
Қиймати 944,87 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу инвестиция лойиҳаси мамлакатимиз энергетика тизимидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Президентимиз томонидан соҳага қаратилган доимий эътибор туфайли 2023 йилда босhlangan қурilish ишлари қисқа фурсат ичида амалга оширилиб, юқори технологияли мажмуа фойдаланишга топширилди.
Лойиҳанинг молиялаштирилиши Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредитлари орқали таъминланди. Қурилиш ишлари Испаниянинг Intesa Ingenieria Industrial S.A., Япониянинг Mitsubishi Corporation ва Туркиянинг Çalık Energy каби етакчи компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Буғ-газ қурилмалари ишга туширилиши натижасида корхона йилига 8 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Энерготежамкор технологиялар қўлланилиши эвазига йиллик 300 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади.
Янги мажмуа Самарқанд ва Бухоро вилоятлари истеъмолчилари, Қарши магистрал каналидаги еттита насос станцияси ҳамда бир қатор аҳоли пунктларини барқарор электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади.
Қурилманинг ишга туширилиши натижасида қўшимча 200–250 та иш ўрни яратилди. Ускуналар Япония, Корея, Хитой ва АҚШда ишлаб чиқарилган бўлиб, тўлиқ автоматлаштирилган бошқарув ва юқори даражадаги энерготежамкорликка эга.
Лойиҳадаги газ турбиналарининг ҳар бири 385 МВт, буғ турбинаси эса 185,7 МВт қувватга эга. Шунингдек, ишлаб чиқарилган энергияни ягона миллий энерготизимга барқарор узатиш мақсадида 500 кВ кучланишга эга янги очиқ тақсимлаш қурилмалари ҳам барпо этилди.
Лойиҳа Президентнинг 2020 йил 18 декабрдаги “Толимаржон ИЭС” АЖни умумий қуввати 900 мегаватдан кам бўлмаган икки дона буғ-газ қурилмалари қурилиши орқали кенгайтириш тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилди.