Валюта курслари 23/09/2025
$1 – 12257.13
UZS – -0.75%
€1 – 14434.00
UZS – -0.62%
₽1 – 146.69
UZS – -0.99%
Қидириш
Тожикистондан олиб келинган 66 кг наркотик моддалар тўхтатиб қолинди

Тожикистондан олиб келинган 66 кг наркотик моддалар тўхтатиб қолинди

Тожикистондан олиб келинган 66 кг наркотик моддалар тўхтатиб қолинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Гиёҳвандлик воситаларининг хориждан мамлакатимизга контрабанда қилиниши ва ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан катта миқдордаги наркотик моддалар тўхтатиб қолинди.

Хусусан, Фарғона вилояти Бешариқ туманида яшовчи, 1992 й.т. фуқаро бошқарувидаги “Cobalt” русумли автотранспорт воситаси Тожикистон Республикасидан Бешариқ туманида жойлашган “Ровот” чегара божхона постига кириб келган вақтида тўхтатилди.

Автомашина синчковлик билан кўздан кечирилганда, унинг юкхонасига ўрнатилган газ баллони ичига 53 дона ўрамда гиёҳвандлик воситалари яширилганлиги маълум бўлди.

Экспертиза хулосасига кўра, ушбу ўрамларда 50 кг 852 гр “опий” ва 6 кг 927 гр “гашиш” моддалари борлиги аниқланди.

Терговга қадар текширув давомида автотранспорт эгаси ушбу ажал оғусини Душанбе шаҳридан олиб келаётганлиги маълум бўлди.

Бу турдаги жиноят Самарқанд вилоятида ҳам қайд этилиб, жумладан Ургут туманида яшовчи, 1992 й.т. фуқаро бошқарувидаги “Gentra” русумли автомашина “Самарқанд-Навоий” йўналишида ҳаракатланиб кетаётган вақтида Нарпай тумани ҳудудида Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари томонидан тўхтатилди.

Автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида Тожикистон Республикасидан олиб келинган 981 гр “героин” моддаси борлиги маълум бўлди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса “Андижон – Наманган” йўналишида ҳаракатланаётган “ВАЗ 2106” русумли транспорт воситаси Норин тумани ҳудудида тўхтатилиб текширилди.

Натижада, Андижон шаҳрида яшовчи, 1979 ва 1986 йилларда туғилган ака-ука кетаётган автомашина салонидан 1 кг 833 гр “гашиш” моддаси ашёвий далил сифатида олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, улардан бирининг яшаш манзилидан ҳам 1 кг 469 гр “гашиш” моддаси олинди.

Терговга қадар текширув давомида, ушбу ажал оғуси келгусида сотиб, мўмай даромад топиш мақсадида Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинганлиги маълум бўлди.

Таъкидлаш лозимки, ака-укаларнинг каттаси – муқаддам айнан наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ҳисобланади.

Навбатдаги ҳолатда эса Қирғиз Республикасининг Ўш шаҳрида яшовчи, 1985 й.т. фуқаро 3 кг 949 гр “гашиш” моддасини Андижон шаҳрида “шартли” харидорга 28 минг АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинди.

Аниқланишича, қирғизистонлик фуқаро ушбу ажал оғусини муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар томонидан қолдириб кетилган Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудидаги хуфия жойдан олган.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг