Тимур Ишметов: Россиядан олтин сотиб олиш ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Россиядан олтин сотиб олмаяпти ва уни қайта сотмаяпти. Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов маълум қилди.
Бундан аввал The Economist нашрида Ўзбекистон гўёки Россиядан олтин харид қилиб, уни қайта сотиш орқали Россияга санкцияларни четлаб ўтиш имконини яратиб бермоқда, деган маълумот тарқалган эди.
Тимур Ишметов бу маълумотларни рад этди ва мамлакат ўзининг етарли миқдордаги олтин захираларига эга эканини, шу сабабли хориждан ушбу қимматбаҳо металлни импорт қилмаслигини таъкидлади.
«Биз ҳеч қачон хориждан олтин сотиб олмаганмиз ва бундай режамиз ҳам йўқ. Бизда ўзимизда етарли олтин захираси бор», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Марказий банк The Economist таҳририяти билан боғланиб, тарқатилган маълумотнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилган. Шундан сўнг нашр материалнинг тузатилган версиясини чоп этган.