Tianjin Rail Transit Group темир йўлларни ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этишдан манфаатдор
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Хитойнинг "Tianjin Rail Transit Group" компанияси бош директори ўринбосари Юнкан Ма билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда томонлар метрополитен ва темир йўл транспортини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама этишди.
Хусусан, Хитой томони мавжуд метро линияларини реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш, шунингдек, Тошкент – Самарқанд янги темир йўл линиясини барпо этиш лойиҳасида иштирок этишга қизиқиш билдирди. Компания мазкур лойиҳаларни батафсил ўрганиш асосида ўз таклифларини тақдим этишга тайёрлигини маълум қилди.
Учрашув давомида Жасурбек Чориев Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ва Трансафғон коридорини қуриш бўйича йирик лойиҳалар ҳақида ахборот берди. Мазкур лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштириш, илғор технологиялар ва инновацион ечимларни жалб этиш борасида ҳамкорликка қизиқиш юқори эканлигини билдирди.