Техникумларда Германия меҳнат бозори учун кадрлар тайёрлаш бўйича битим имзоланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 19 июнь куни Германиянинг Берлин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Германиянинг Саксония иқтисодиёти ўқув маркази (bsw Bildungswerk der Sächsischen Wirtschaft gGmbH) ва Германия сайёҳлик уюшмаси (DRV Deutscher Reiseverband e. V.) ташкилотлари ўртасида туризм соҳасида халқаро меҳнат бозори учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик битими имзоланди.
Битимга мувофиқ, Самарқанд ва Марғилон туризм ва маданий мерос техникумларида 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб 50 нафар ўқувчи Германия таълим стандартлари асосида ўқитилади. Ўқув жараёнида немис тили чуқурлаштирилган тарзда ўргатилади.
Бундан ташқари, техникумларда қўшма ўқув гуруҳларини шакллантириш, замонавий ўқув дастурларини жорий этиш, семинарлар ва амалий машғулотлар ташкил этиш, туризм соҳасида билим ва тажриба алмашиш, техникум ўқувчиларини касбий ривожланишларида қўллаб-қувватлаш йўналишларида ҳам ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.
Техникумни муваффақиятли тамомлаган ва немис тили бўйича тегишли сертификатга эга бўлган битирувчиларга Германия Федератив Республикасидаги меҳмонхоналар ва бошқа туризм ташкилотларида ишга жойлашиш имконияти яратилади.