Термизнинг жамоат транспорти парки янгиланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сурхондарё вилояти Президентнинг вилоят марказларида замонавий ва қулай жамоат транспорти тизимини ривожлантириш бўйича кўрсатмаларини амалга оширишда давом этмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар доирасида Термиз шаҳри Хитойда ишлаб чиқарилган 35 та янги автобус партиясини қабул қилди.
Яқинда фаолиятини бошлаган Мангузар автошоҳбекатида ушбу автобусларни фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, "ZHONGTONG BUS" компанияси расмийлари, транспорт соҳаси мутасаддилари, жамоат фаоллари ва нуронийлар иштирок этди.
Замонавий техник талабларга тўла жавоб берадиган, йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган, экологик тоза ва энергия тежамкор автобуслар тантанали равишда компания вакиллари томонидан вилоят раҳбарига топширилди.
Тадбирда таъкидланганидек, ушбу ташаббус Термиз шаҳридаги жамоат транспорти тизимини модернизация қилиш, аҳолига қулай, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган.
Янги автобуслар тўлиқ «Brutto» шартномаси асосида шаҳар ички йўналишларида қатновни бошлайди. Бу эса жамоат транспортининг самарадорлигини ошириш, аҳолининг хавфсиз ва қулай ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.