Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди
Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Адлия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидаларини янги таҳририни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3672, 26.01.2026 й.).
Ушбу ҳужжатда телекоммуникациялар хизматларини кўрсатишда фуқароларга қулайликлар яратишга қаратилган қуйидаги бир қатор янгиликлар белгиланди.
Жумладан, мобил алоқа абонентлари шахсий ҳисобида маблағ хизмат кўрсатишни давом эттириш учун етарли бўлмаганда мобил алоқа оператори ва абонент ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш (мавжуд бўмаган рақам ҳолатига ўтказиш) муддати 2 ойдан 1 йилга узайтирилади.
Абонентлар амалдаги тариф режасини исталган бошқа тариф режаси билан бепул алмаштириши мумкин бўлади (бундан муайян гуруҳ ёки маълум чекланган ҳудуд учун ишлаб чиқилган алоҳида тариф режаларига ўтиш мустасно).
Амалдаги тарифлар шартлари ўзгарганда, абонентлар бу ҳақда камида 15 кун олдин оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайт ёки СМС хабарномалар орқали мажбурий тартибда хабардор қилинади.
Аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида, хизмат кўрсатиш пунктига келиш имконияти бўлмаган фуқаролар учун яшаш жойига бориш, олис ва етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида сайёр мобил алоқа хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади.