Technovation Girls Uzbekistan мактаб ёшидаги қизлар учун халқаро дастурнинг 10-мавсумига қабулни бошлади
Technovation Girls Uzbekistan мактаб ёшидаги қизлар учун халқаро дастурнинг 10-мавсумига қабулни бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда мактаб ёшидаги қизлар учун мўлжалланган Technovation Girls халқаро таълим дастурининг янги мавсуми бошланди.
Дастур қизларда технологик, тадбиркорлик ва лидерлик кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган. Лойиҳада мамлакатнинг барча ҳудудларидан 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган қизлар иштирок этиши мумкин — тайёргарлик даражаси ва тажриба муҳим эмас, иштирок мутлақо бепул.
Дастурга рўйхатдан ўтиш 2026 йил 20 февралга қадар очиқ. Technovation Girls Uzbekistan лойиҳаси Tech4Impact нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Рақамли таълимни ривожлантириш маркази ҳамда Yandex Uzbekistan компанияси ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Дастур иштирокчилари ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган мобил иловалар, сунъий интеллект (AI) лойиҳалари ва стартаплар устида ишлайди. Лойиҳалар мавзулари иқлим ўзгариши, дарахтларни кесиш, мактабларда буллинг, ногиронлиги бўлган инсонларга ёрдам кўрсатиш каби йўналишларни қамраб олади. Барча босқичларда қизлар IT, бизнес, дизайн, педагогика ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган тажрибали мутахассислар — менторлар ва экспертлардан қўллаб-қувватлов олади. Дастурда иштирок этиш учун қизлар ва менторлар Technovation халқаро танловининг расмий сайтида рўйхатдан ўтишлари керак:
https://my.technovationchallenge.org/
Ўқув дастури уч ой давом этади ва иштирокчиларга дастурлаш асослари, сунъий интеллект, тадбиркорлик ва дизайн-тафаккурни ўргатиш, шунингдек жамоада ишлаш ва омма олдида чиқиш кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам беради. Бу йилги мавсумда таълим асосан AI йўналиши ва стартап бизнес-моделларини ўрганишга қаратилган. Самарали ва қулай ўқув жараёни учун инглиз тилини билиш муҳим ҳисобланади.
Таълимнинг асосий қисми онлайн форматда ўтади, бу эса Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги қизлар учун иштирок имкониятини яратади. Шу билан бирга, офлайн тренинглар ва семинарлар олти шаҳарда — Тошкент, Андижон, Қарши, Наманган, Нукус ва Фарғонада ўтказилиши режалаштирилган.
Учинчи йилдирки, дастур иштирокчиларига амалий экспертлик қўллаб-қувватловини Yandex Uzbekistan компанияси кўрсатиб келмоқда. Компания ходимлари жамоалар учун ментор сифатида иштирок этади ҳамда тезкор кўриб чиқиш сессиялари ўтказади. Бу жараёнда қизлар ўз лойиҳалари устида ишлашни такомиллаштириб, профессионал фикр-мулоҳазалар олиш имконига эга бўлади.
Шунингдек, бу мавсумда Yandex Uzbekistan AI Week — замонавий сунъий интеллект инструментлари, ғоялар генерацияси ва технологияларни лойиҳаларда қўллашга бағишланган таълимий тадбирлар сериясини ташкил этади.
Рўйхатдан ўтгандан сўнг, иштирокчилар мустақил равишда ёки координаторлар ёрдамида 2 нафардан 5 нафаргача бўлган жамоаларни тузади ва ментор танлайди. Жамоалар бир шаҳар ёки турли шаҳарлардан бўлиши мумкин, учрашувлар онлайн ёки офлайн тарзда ўтказилади. Май ойида лойиҳалар ҳимояси ва ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
Асосий номинациядан ташқари, Yandex Uzbekistan томонидан махсус мукофотлар ҳам тақдим этилади. Халқаро финалга чиққан жамоалар Ҳиндистонда ўтадиган якуний босқичда дунёнинг энг яхши 15 жамоаси қаторида ўз лойиҳаларини тақдим этиш имконига эга бўлади.