Tashkent Pharma Park вакиллари БРИКС мамлакатлари саммитида Ўзбекистоннинг фармацевтика кластери тақдимотини ўтказдилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармагентлик вакиллари Хитой Халқ Республикасида БРИКС давлатларининг махсус иқтисодий зоналар ҳамкорлик саммитида иштирок этдилар.
Саммит доирасида “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери лойиҳаси тақдимоти ўтказилиб, инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ва давлат томонидан берилаётган имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ушбу кластер мамлакатимиз фармацевтика соҳасини ривожлантиришда ҳамда халқаро ҳамкорликни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Тадбир дастуридан ўрин олган BSCC Roadshow ва тақдимотларда БРИКС давлатларига тегишли эркин иқтисодий зоналар фаолияти, уларнинг инвестициявий салоҳияти ҳамда бизнес имкониятлари намойиш этилди.
Саммит якунларида эса турли мамлакатларнинг компаниялари ва эркин иқтисодий зоналари вакиллари иштирокида давра суҳбатлари ҳамда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга қаратилган match-making учрашувлари ташкил этилди.
Мазкур тадбир Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги учун халқаро ҳамкорлар билан тажриба алмашиш, инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш ва фармацевтика соҳасида истиқболли лойиҳаларни илгари суриш имкониятини яратди.