Танзила Нарбаева халқаро ҳамкорлар ва қўшни давлатлар вакиллари билан учрашувлар ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида давом этаётган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти мажлиси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева халқаро ҳамкорлар ҳамда қўшни давлатлар парламентлари вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда минтақада аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрни ва фаоллигини ошириш, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Танзила Нарбаева БМТнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича Тараққиёт масалалари мувофиқлаштириш идораси минтақавий директори Гви-Йеоп Сон хоним билан учрашувда Ўзбекистон ва БМТ тизимидаги ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга қўшаётган ҳиссаси ҳақида фикр алмашилди.
Гви Йеоп Сон хоним Самарқандда ўтаётган ЮНEСКОнинг 43-сессияси Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга халқаро ҳамжамият томонидан билдирилаётган юксак ишонч ифодаси эканини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Сенат Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси ўринбосари Жылдыз Садырбаева, Тожикистон Республикаси Мажлиси Оли Мажлиси намояндагон раисининг ўринбосари Муини Мавсума, Қозоғистон Республикаси Мажилиси раиси ўринбосари Дания Еспаева ҳамда Туркманистон Межлиси Фан, таълим, маданият ва ёшлар сиёсати қўмитаси раиси Мирадова
Байрамгозель билан ҳам учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда давлатлар ўртасида дўстона қўшничилик, ўзаро ишонч ва стратегик ҳамкорликка асосланган муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Бу жараёнда етакчи аёлларнинг фаол иштироки, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларнинг аҳамияти алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада фаоллаштириш, саноат, энергетика, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-гуманитар йўналишларда қўшма лойиҳаларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш, аёллар фаоллигини ошириш ва барқарор тараққиёт мақсадларига эришишда муҳим платформа эканини алоҳида таъкидлади.