Тадбиркорлар ИССВ билан Марказий Осиёда экспортни ошириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш чораларини муҳокама қилди
Тадбиркорлар ИССВ билан Марказий Осиёда экспортни ошириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш чораларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов раҳбарлигида Марказий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий фаолият юритаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбирда 30 дан ортиқ бизнес вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида экспорт ҳажмини ошириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда ўзбек компанияларининг Марказий Осиё бозорларидаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбиркорлар экспорт жараёнида юзага келаётган бир қатор амалий масалаларни, жумладан, чегара ўтказиш пунктларидаги тартиб-таомиллар, транспорт харажатларини оптималлаштириш ҳамда экспортчиларни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш билан боғлиқ масалаларни кўтардилар. Барқарор ва узлуксиз етказиб беришни таъминлаш мақсадида келишилган ечимларни ишлаб чиқиш ҳамда мавжуд икки томонлама механизмлардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Бизнес вакиллари қўшни давлатлар ҳудудида, аввало енгил саноат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида қўшма корхоналар ташкил этишга тайёр эканликларини билдириб, молиявий инструментлар ва қўшма ривожлантириш жамғармалари имкониятларидан фойдаланиш муҳимлигини қайд этдилар.
2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро савдо айланмаси 8 284,6 млн АҚШ долларини ташкил этди (+15,2%).
Тадбиркорлар томонидан илгари сурилган ҳар бир ташаббус бўйича вазирликнинг масъул ходими бириктирилиб, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан шахсий масъулият юклатилди.