Валюта курслари 23/06/2025
$1 – 12496.94
UZS – -0.5%
€1 – 14405.22
UZS – -0.05%
₽1 – 159.38
UZS – -0.49%
Қидириш
Ўзбекистон 27/03/2025 Тадбиркор аёллар кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди

Тадбиркор аёллар кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 26 март куни Президент ташаббуси билан Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этилган Тадбиркор аёллар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-103-сонли қарорига мувофиқ Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тадбиркор аёллар кенгаши ташкил этилди.

Ушбу ташаббус аёл тадбиркорларнинг бизнесда фаол иштирок этишига кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳуқуқий, молиявий ва амалий ёрдам бериш мақсадида амалга оширилмоқда.

Кенгашнинг асосий вазифалари:

- мунтазам равишда ҳудудларга чиқиб, тадбиркор хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

- тадбиркор аёлларнинг илғор тажрибаларини бошқа ҳудудларда оммалаштиришга кўмаклашиш;

- аввал тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширган хотин-қизлар билан манзилли ишлаб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва бизнес ғояларини амалга оширишга кўмаклашиш;

- тизимли муаммоларни ҳал қилиш юзасидан Ҳукумат ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига таклифлар киритиб бориш.

Кенгаш таркибида 27 та аъзо, шулардан 21 нафари илғор тадбиркор аёллар. Улар томонидан 2 639 та янги иш ўрни яратилган, $7,6 млнлик экспорт ҳамда 402,8 млрд сўмлик товар айланмаси амалга оширилган.

Йиғилишни Президент Администрацияси масъул ходими, Тадбиркор аёллар кенгаши раиси Нозимахон Давлетова ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари, Кенгаш раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова кириш сўзи билан очиб бердилар.

Кун тартибига мувофиқ, кенгаш фаолияти, ваколатлари ва вазифалари муҳокама қилиниб, ҳудудий эксперт гуруҳларини ташкил этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Шунингдек, йиғилишда Тадбиркор аёллар кенгашининг Низоми, унинг фаолият йўналишлари, кенгашнинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини белгилайдиган “Йўл харитаси”, шунингдек, тадбиркор аёллар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган “Сайёр қабул” графиги муҳокама қилинди.

Йиғилиш давомида тадбиркор аёллар учун яратилган имкониятлар, уларга молиявий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, бизнесни ривожлантиришдаги долзарб муаммолар ва уларни ҳал этиш механизмлари бўйича таклифлар ҳам билдирилди. Шунингдек, турли ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркор аёллар ўртасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида Тадбиркор аёллар кенгашининг Низоми, “Йўл харитаси” ва “Сайёр қабул” режа-графиги тасдиқланди. Шунингдек, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг