Сурхондарёдаги М-25 конида нефть суюқлиги чиқиши содир бўлди ва вазият бартараф этилди
Сурхондарёдаги М-25 конида нефть суюқлиги чиқиши содир бўлди ва вазият бартараф этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йил декабрь ойининг сўнгги кунларида Бойсун туманидаги «М-25» кони ҳудудида таркибида нефть сақловчи суюқликнинг (нефть суюқлиги) ер юзасига чиқиши ҳолати қайд этилган.
Мазкур нефть суюқлиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳудуд атрофида ҳамда сой ўзани бўйлаб қўшимча ҳимоя ҳовузлари барпо этилган.
Йиғиб олинган нефть суюқлиги узлуксиз равишда махсус майдонга олиб чиқилмоқда. У ерда ҳажми 5 000 куб метр бўлган, махсус изоляцияланган 2 та шлам ҳовузи мавжуд бўлиб, у нефть суюқлигини хавфсиз сақлаш ҳамда кейинчалик ундан самарали фойдаланиш имконини беради.
Барча ишлар амалдаги саноат ва экологик хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда олиб борилмоқда.
Нефть суюқлиги намунаси бўйича таҳлил ишлари олиб борилмоқда. Унинг натижаларига асосан қайта ишлаш имкониятлари ўрганилади, геологик тадқиқотлар эса давом этмоқда.
Ҳозирги кунда ҳолат доимий мониторингда бўлиб, нефть суюқлиги жиловланган. Дастлабки кунларда чиқиб каналга оққан нефть суюқликларини тозалаш ишлари олиб борилаётганлиги маълум қилинди. Энергетика вазирлиги вазиятга оид қўшимча маълумотлар келиб тушиши билан эълон қилишини маълум қилди.