Сурхондарёда қарийб 191 кг гашиш контрабандаси тўхтатилди

Сурхондарёда қарийб 191 кг гашиш контрабандаси тўхтатилди

Сурхондарёда қарийб 191 кг гашиш контрабандаси тўхтатилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 8 апрель куни «Айритом» чегара-божхона постида йирик миқдордаги наркотик моддалар контрабандасига уриниш бартараф этилди. Сурхондарё вилоятида жойлашган мазкур пост орқали Афғонистондан Қозоғистонга транзит тарзда ҳаракатланаётган, 1990 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси бошқараётган юк автомобилида 750 дона афғон қозонлари ташилган бўлиб, ҳужжатларда юк оғирлиги 4,1 тонна деб кўрсатилган.

Z-Portal орқали ўтказилган дастлабки текширувда айрим қозонлар шубҳали деб топилди. Қўшимча равишда «Термиз» божхона пости омборидаги рентген ускуналари ёрдамида ўтказилган текширув аномалияларни тасдиқлади. Айрим қозонларнинг ноодатий қалинлиги ва шакли алоҳида эътиборни тортди.

Махсус кесувчи асбоблар ёрдамида очиб кўрилганда, қозонлар икки қатламли тузилишга эга экани маълум бўлди: ташқи қисми темирдан, ички қисми эса алюминийдан ясалган. Ҳосил бўлган бўшлиқда наркотик моддалар яширилгани аниқланди. Жами 750 қозондан 210 тасида қарийб 191 кг гашиш мусодара қилинди. Олиб қўйилган модданинг дастлабки бозор қиймати 5 млн АҚШ долларидан ортиқ деб баҳоланмоқда.

Жорий йилда божхона органлари томонидан қонунчиликнинг 240 дан ортиқ бузилишига чек қўйилиб, қарийб 780 кг наркотик моддалар мусодара қилинган. Бу эса уларнинг чегара орқали ва ички каналлар орқали ноқонуний айланмасига қарши курашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан йирик миқдордаги наркотик моддалар партияси бўйича судгача тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг