Сурхондарёда картошка ниқобида гашиш контрабандаси тўхтатилди
Сурхондарёда картошка ниқобида гашиш контрабандаси тўхтатилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти сифатида ниқобланган наркотик моддалар контрабандасини олиб киришга уриниш бартараф этилди.
2001 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги MAN русумли юк автомобили Афғонистондан «Термиз — автомобиль» халқаро назорат-ўтказиш пункти орқали кириб келган ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда божхона органлари ходимлари томонидан текширувдан ўтказилган.
Натижада, автомашина юкхонасида картошка маҳсулотлари борлиги маълум бўлди. Ушбу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари синчковлик билан текширилганда эса, уларнинг орасига худди картошка кўринишида ясалган 222 дона бўлакдан иборат, жами 72 кг 300 гр “гашиш” моддаси яширилганлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари Россия Федерациясига олиб кетилаётган бўлган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.