Сурхондарё вилоятида 15 ёшли ўқувчи қизни огоҳлантиришга қарамай турмушга берилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сурхондарё вилоятида расмий огоҳлантиришга қарамай, 15 ёшли қиз турмушга берилди, деб хабар бермоқда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати.
Ҳодиса Денов туманидаги Озод маҳалласида содир бўлган. Июль ойида маҳалла вакиллари ижтимоий соҳа ходимлари билан биргаликда вояга етмаган мактаб ўқувчиси иштирокида турмуш қуришга уриниш бўйича суриштирув ўтказди ва оилага расмий огоҳлантириш берди. Бироқ 10 август куни никоҳ бўлиб ўтгани маълум бўлди.
Ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилиб, уларга жарима солинди.
Қиз айни пайтда Денов туманидаги касб-ҳунар билим юртида ўқишни давом эттирмоқда. Унинг ҳуқуқлари ва таълим жараёни тегишли идоралар томонидан доимий назоратда.