Сурхондарё вилояти ҳокими Европа Иттифоқи элчиси Тойво Клаар билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Суҳбат давомида томонлар 10-Европа Кинофестивалининг Термиз шаҳрида ўтказилиши юзасидан фикр алмашдилар ҳамда мазкур ташаббус халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантиришда муҳим қадам эканини таъкидладилар.
Вилоят раҳбари элчига фестивални Термиз шаҳрида ўтказиш ташаббуси ва кўрсатган амалий кўмаги учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, учрашувда маданият ва санъат билан бир қаторда савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, таълим, соғлиқни сақлаш, рақамли трансформация ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама этилди.
10-Европа Кинофестивали доирасида эртага, 12 ноябрь куни, Термиз шаҳридаги "Ёшлар маркази"да европалик режиссёрлар томонидан яратилган "Декадент №2419" (Литва), "Рингдаги қиролича" (Австрия) ва «Дивертименто» (Франция) фильмлари намойиш этилади.