Сурхондарё ва Сирдарёнинг чегара ҳудудларида иҳота дарахтзорлари ҳамда "яшил белбоғ"лар барпо этилади

Сурхондарё ва Сирдарёнинг чегара ҳудудларида иҳота дарахтзорлари ҳамда "яшил белбоғ"лар барпо этилади

Сурхондарё ва Сирдарёнинг чегара ҳудудларида иҳота дарахтзорлари ҳамда "яшил белбоғ"лар барпо этилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вазирлар Маҳкамасининг "Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори қабул қилинди.

Унга кўра, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида яшил ҳудудларни кўпайтириш мақсадида ер участкалари хатловдан ўтказилади. Сурхондарё вилоятининг Ангор, Жарқўрғон, Музработ, Қизириқ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳрида, Сирдарё вилоятининг Сирдарё, Мирзаобод, Оқолтин ва Ховос туманларининг чегарадош ҳудудларида иҳота дарахтзорлари ҳамда "яшил белбоғ"лар барпо этилади. 

Шунингдек, сувни тежаш ва "яшил белбоғ"ларни ривожлантириш мақсадида Тўпаланг дарёси ҳавзасининг юқори қисмида сунъий ёмғир ёғдириш ҳамда сунъий музликлар яратиш бўйича тажриба лойиҳалари амалга оширилади.

Иқлим ўзгаришига таъсир этувчи инновацион технологиялар бўйича махсус таълимга ихтисослашган гидрометеоролог мутахассислар тайёрлаш тизими ишлаб чиқилади ҳамда уларнинг малакаси оширилади. 

Қолаверса, кучли шамол ва чанг бўронларининг салбий таъсирини камайтириш, экин ерлари ва яйловлар деградациясининг олдини олиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, сақлаш ҳамда уларни қайта тиклаш бўйича замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган фундаментал, амалий ва илмий тадқиқотлар ўтказилади. 

Мазкур қарор Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларининг чегарадош ҳудудларини кўкаламзорлаштириш ҳамда иқлим ўзгаришининг атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтиришга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг