Сурхондарё ва Форс вилоятлари туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сурхондарё вилоятида Эрон Ислом Республикасининг Форс вилояти ҳокими Хоссейн Али Амирий бошчилигидаги делегацияси билан кенгайтирилган музокаралар бўлиб ўтди.
Форс вилояти Эроннинг энг йирик ва иқтисодий жиҳатдан фаол ҳудудларидан бири бўлиб, мамлакатнинг қадимий маданий марказларидан ҳисобланади. Вилоят нафақат қишлоқ хўжалиги, саноат, балки ҳунармандчилик ва туризм соҳаларида кенг салоҳиятга эга.
Вилоятда 7 та аэропорт мавжуд, шундан 3таси халқаро аэропорт. Шунингдек, Форс кўрфазига яқин ҳудудда жойлашгани сабабли, Қатар, БАА, Қувайт ва бошқа давлатлар билан туризм алоқаларни йўлга қўйишда муҳим геоиқтисодий аҳамият касб этади.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва Форс вилояти ҳокими Хоссейн Али Амирий бошчилигида икки томонлама делегациялар иштирокида кенгайтирилган музокаралар бўлиб ўтди. Вилоятларда туризм соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар иштирокида алоҳида Б2Б учрашувлар ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги муносабатлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Олий диний раҳбари Оятуллоҳ Саид Али Хоманий ҳамда Президент Масуд Пезешкиённинг сиёсий иродаси, ўзаро дўстона мулоқотлари туфайли янги, стратегик босқичга кўтарилгани алоҳида қайд этилди.
Томонлар бу жараёнда ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаб, туризм, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий ва гуманитар соҳаларда амалий алоқаларни кенгайтириш муҳим эканини таъкидлади.
Музокараларда туризм, саноат, тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, савдо, логистика, транспорт, тўқимачилик, таълим, тиббиёт, фармацевтика ва соғломлаштириш соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.
Томонлар туризм, олий таълим ва тиббиёт соҳаларида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун катта имконият борлигига алоҳида эътибор қаратдилар. Сурхондарё ва Форс вилоятлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича меморандум имзоланди.