Сурхондарё ва Балх вилоятлари ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президентининг қўшни Афғонистон билан дўстона ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари доирасида икки давлат ўртасида иқтисодий ва гуманитар алоқалар изчил ривожланмоқда.
Ушбу ташаббуслар Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам муайян ҳисса қўшмоқда.
Шу муносабат билан Сурхондарё вилояти билан Афғонистоннинг Балх вилояти ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик янги босқичда ривожланмоқда.
Яқинда Сурхондарё ва Балх вилоятлари ўртасида ҳамкорлик бўйича Ишчи комиссиянинг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур ҳамкорликнинг амалий давоми сифатида Термиз халқаро савдо марказида Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари ва Балх вилояти губернатори ўринбосари бошчилигидаги делегацияларнинг учрашуви ташкил этилди.
Учрашув доирасида экспорт фаолиятига оид ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, анорчилик ва қуритилган маҳсулотлар экспорти билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот ҳамда ишбилармон доиралар ўртасида B2B форматида музокаралар ўтказилди.
Делегация аъзолари Термиз халқаро савдо марказининг фаолияти, мавжуд имкониятлар ҳамда Афғонистондан олиб келинаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишдилар.
Музокаралар якунида Сурхондарё вилояти Савдо-саноат палатаси ва Афғонистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.