Сунъий интеллектни яратиш, жорий қилиш ва фойдаланиш бўйича этика қоидалари тасдиқланди
Сунъий интеллектни яратиш, жорий қилиш ва фойдаланиш бўйича этика қоидалари тасдиқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Адлия вазирлиги Сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидаларини давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами: 3787, 14.03.2026 й.).
Ушбу ҳужжат билан сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланишда қуйидаги этика тамойиллари белгиланмоқда: қонунийлик, шахс, жамият ва давлат манфаатлари ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя қилишнинг устуворлиги, тушунарлилик, масъулият, жавобгарлик ва назорат, адолатлилик ва камситишга йўл қўймаслик;, очиқлик ва шаффофлик, маълумотлар ҳимояси, ишончлилик ва хавфсизлик.
Қуйидаги қарорларни қабул қилишда фақат сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосаларига таянмаслик талаби белгиланмоқда:
инсон ҳуқуқ ва эркинликларига алоқадор юридик аҳамиятга эга қарорлар;
соғлиқни сақлаш (касалликларни ташхислаш, даволаш усулларини белгилаш ва бошқалар) ва бошқа соҳалардаги қарорлар.
Сунъий интеллект технология ва тизимларини ишлаб чиқувчи ва жорий этувчи фойдаланувчиларга:
улардан қандай мақсадда фойдаланиш мумкинлиги ёки тақиқланиши,
сунъий интеллектга асосланган ечимлар ёки қарорлар доим тўғри бўлмаслиги;
уларнинг натижаларидан тавсиявий ёки маълумот учун фойдаланиш мумкинлиги ҳақида маълумот бериши лозим.
Шу билан бирга, қоидаларда сунъий интеллект иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди.