Сунъий интеллект: инсон қадр-қимматига путур етказмаслик талаблари белгиланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасида “сунъий интеллект” тушунчаси, сунъий интеллектни жорий этиш ва ривожлантиришга оид давлат сиёсатининг асослари, махсус ваколатли орган вазифалари, ахборот ресурсларини яратишда ҳамда ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг умумий ҳуқуқий асослари белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси инсонларнинг ажралмас ҳуқуқларига сунъий интеллект технологияларининг салбий таъсир ўтказишидан ҳимоя қилади. Хусусан, сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари инсонга, унинг ҳаётига, соғлиғига, эркинлигига, шаънига, қадр-қимматига путур етказмаслиги ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини бузмаслигига оид талаб белгиланяпти.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлигига алоқадор юридик аҳамиятга эга қарорларни қабул қилишда фақатгина сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосасига таяниб қолиш мумкин эмаслиги ўз аксини топмоқда.
Шунингдек, лойиҳада сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ва уни ОАВ ҳамда Интернетда тарқатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланяпти.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар, экспертлар ва олимларнинг фикри инобатга олиниб, лойиҳа янада такомиллаштирилди.
Мажлисда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши cунъий интеллектдан фойдаланишни янада ривожлантириш, уни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, бу йўналиш бўйича янги қонун ҳужжатларини қабул қилиш, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ва тарқатишнинг олдини олишга хизмат қилиши қайд этилди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.