Суд ҳужжатларини ижро этиш тизими такомиллаштирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Депутатлар суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда қонунчиликка мувофиқ қарздорнинг ундурувга қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки ёки даромадлари бўлмаса, ижро иши юритишнинг тугатилиши белгиланган. Бундай ҳолат амалиётда ундурувчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Шунга мувофиқ, қонун лойиҳаси билан Мажбуриятлар реестрини жорий этиш ва қарздорнинг мол-мулки ёки пул маблағлари Мажбуриятлар реестирида аниқланган тақдирда, ижро ишини қайта тиклаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, Солиқ кодексида Мажбуриятлар реестрига киритилган солиқ қарзига пеня ҳисобланмаслиги белгиланяпти.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини тўлиқ ва сўзсиз ижро этилишини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.