Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Ўзбекистон 09/04/2025 Стратегик ислоҳотлар агентлигида касбий таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди

Стратегик ислоҳотлар агентлигида касбий таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Стратегик ислоҳотлар агентлигида Швейцариянинг “Helvetas Swiss Intercooperation” ташкилоти вакиллари билан касбий таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров, “Helvetas Swiss Intercooperation” лойиҳа раҳбари Симона Штрасбургер, Швейцария Федерал технологиялар институти профессори Урсула Ренолд, эксперт Шухрат Аманов, лойиҳа менежери Дилдора Абиджанова, «ETH Zurich» ассистенти Мишел Палайл ҳамда икки томоннинг бошқа вакиллари иштирок этди.

“Helvetas Swiss Intercooperation” – 1955 йилда Швейцарияда ташкил этилган мустақил ташкилотдир. Ҳозирда компания 32 мамлакатда аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ўзбекистонда ташкилот 2021 йилдан бери VET4UZ — Касбий таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.

Учрашув давомида аввало VET4UZ лойиҳасининг мақсад ва вазифалари ҳақида сўз борди. Жумладан, касбий таълим ва ўқитиш тизимини бошқаришни такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш, педагоглар салоҳиятини ривожлантириш ва бизнеснинг касбий тайёрловдаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Давлат ва хусусий сектор ўртасидаги тизимли ҳамкорлик, таълим ва меҳнат бозори ўртасидаги алоқаларни кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Касбий таълим ва ўқитиш тизими олдида турган янги вазифалар – рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши, «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва тадбиркорлик, ижтимоий ҳамда коммуникатив кўникмаларга бўлган талабнинг ошиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Шу муносабат билан, таълим дастурларини меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Муҳокама давомида Абдулла Абдуқодиров касбий таълим соҳасидаги ислоҳотларга оид таҳлилий материаллар ва мақолалар туркумини ишлаб чиқиш ва нашр этишни таклиф қилди. Ушбу ташаббусдан кўзланган мақсад – кенг жамоатчилик муҳокамасини йўлга қўйиш, фуқаролик жамияти, ёшлар ва ишбилармонлар фикрини инобатга олиш ҳамда сўровлар ва жамоавий маслаҳатлашувлар орқали уларнинг фикр-мулоҳазаларини йиғишдир.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликдан кўзланган манфаатларни яна бир бор тасдиқлаб, белгиланган йўналишлар бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг