Статистика: ўзбек аёлларининг ярмидан ортиғи 20–30 ёшда никоҳга киради
Статистика: ўзбек аёлларининг ярмидан ортиғи 20–30 ёшда никоҳга киради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбек аёлларининг асосий қисми 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган даврда никоҳга киради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотлари далолат беради.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида мамлакатда жами 177 017 та никоҳ қайд этилган. Ушбу даврда турмуш қурган аёлларнинг ярмидан ортиғи — 94 765 нафар ёки 53,5 фоизи — 20–30 ёш тоифасига тўғри келиб, айнан шу гуруҳ устувор ҳисобланади.
Шу билан бирга, никоҳларнинг салмоқли қисми эрта ёшга ҳам тўғри келади. 20 ёшгача бўлган 65 078 нафар аёл турмушга чиққан бўлиб, бу жами қайд этилган никоҳларнинг 36,8 фоизини ташкил этади.
Kатта ёшда никоҳга кирувчи аёллар улуши анча кам. Хусусан, 31–40 ёш гуруҳида 13 137 та никоҳ ёки 7,4 фоиз қайд этилган бўлса, 41 ёш ва ундан катта аёллар орасида 4 037 та ҳолат аниқланган бўлиб, бу 2,3 фоизга тўғри келади.
Шу тариқа, статистик маълумотлар ўзбек аёлларининг мутлақ кўпчилиги оилани ёшлик даврида, айниқса 20–30 ёш оралиғида барпо этишини, 30 ёшдан кейинги никоҳлар улуши эса нисбатан паст даражада қолаётганини кўрсатади.