Валюта курслари 13/06/2025
$1 – 12705.79
UZS – 0.47%
€1 – 14704.41
UZS – 1.68%
₽1 – 159.20
UZS – -1.04%
Қидириш
Молия 13/06/2025 Standard Chartered компанияси Ўзбекистондаги устувор лойиҳаларда иштирокини чуқурлаштириш ниятида

Standard Chartered компанияси Ўзбекистондаги устувор лойиҳаларда иштирокини чуқурлаштириш ниятида

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 12 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров “Standard Chartered Bank” бош ижрочи директори Саиф Малик бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Учрашувда, шунингдек, банкнинг Давлат сектори ва ташкилотларни ривожлантириш бўйича ижрочи директори Люси Рахал, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Самандар Садуллаев, вазир маслаҳатчиси Жасур Каршибаев ҳамда бир қатор масъуллар иштирок этди.

“Standard Chartered Bank” — дунёдаги етакчи халқаро инвестиция банкларидан бири бўлиб, 60 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади. Банкнинг асосий фаолият йўналишлари давлат сектори, энергетика, инфратузилма ва молиявий хизматлар соҳаларида транзакцияларни молиялаштиришни ўз ичига олади.

Томонлар Ўзбекистон ва “Standard Chartered Bank” ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Хусусан, банк томонидан мамлакатимиздаги давлат ва корпоратив сектор билан амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлигини ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Бундан ташқари, “Standard Chartered Bank” Ўзбекистоннинг халқаро молиявий бозорларга интеграциялашуви, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва инфратузилмани қўллаб-қувватлаш йўналишларида фаол иштирок этиб келаётгани алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунида томонлар мавжуд ҳамкорликни чуқурлаштириш ва истиқболдаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш борасида келишувга эришди. Банк вакиллари Ўзбекистон бозорида ўз фаолиятини кенгайтириш ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларини молиялаштиришда давом этишга тайёр эканликларини билдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг