St. Jude Children’s Research Hospital делегацияси Тошкент аэропортининг тиббий юк ташиш инфратузилмасини кўздан кечирди
St. Jude Children’s Research Hospital делегацияси Тошкент аэропортининг тиббий юк ташиш инфратузилмасини кўздан кечирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШнинг "St. Jude Children’s Research Hospital" болалар тадқиқот шифохонаси делегацияси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари билан биргаликда Тошкент халқаро аэропортининг юк терминалига ташриф буюрди. У ерда аэропорт инфратузилмасининг тиббий юкларни, жумладан, махсус ташиш шароитлари ва ҳарорат назоратини талаб қилувчи дори воситаларини сақлаш ҳамда қайта ишлаш имкониятлари билан танишди.
"Тошкент аэропортининг йилига 120 минг тоннагача ўтказиш қувватига эга юк мажмуаси умумий майдони 8,5 минг квадрат метр бўлган омборхоналарга, шу жумладан, қатъий ҳарорат назоратини талаб қилувчи юклар, хусусан, дори-дармонлар учун совутиш ва музлатиш камераларига эга.
Барча ихтисослаштирилган зоналар термодатчиклар билан жиҳозланган бўлиб, бу зарур сақлаш шароитларини таъминлаш имконини беради. Фармацевтика юкларини қайта ишлашнинг ишончлилиги ва тезлиги муҳим аҳамиятга эга, чунки ташиш шартларига риоя қилиш дори воситалари сифатини сақлаб қолиш ва инсонларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатишга бевосита таъсир қилади", — деб таъкидлади "Узбекистан Аирпортс" вакиллари.
Шифохона вице-президенти ва "St. Jude Global" дастури директори доктор Карлос Родригес-Галиндо бошчилигидаги "St. Jude Children’s Research Hospital" делегацияси 2026 йилнинг 23-28 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва болалар онкологик касалликларини даволашни такомиллаштириш бўйича тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Ташриф дастури ишчи учрашувлар, таълим тадбирлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда "St. Jude Children’s Research Hospital" ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолашни ўз ичига олади.