ССВ: тарқалаётган инфекция ҳолати мавсумий ҳисобланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ижтимоий тармоқларда болалар орасида ич кетиш ва қайт қилиш симптомлари билан кечаётган инфекция ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилдики, бу ҳолатлар мавсумий ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ОРВИ) билан боғлиқ бўлиб, куз фаслида ҳарорат пасайиши сабабли касалланиш ҳолатлари табиий равишда ортиши кузатилади.
Респиратор инфекциялар турлича кечиши мумкин айрим беморларда йўтал, ҳарорат ва бурун битиши, бошқаларида эса ошқозон-ичак тизими бузилиши (ич кетиш, қайт қилиш) билан намоён бўлади. Бу ҳолат вирус штаммларининг хилма-хиллиги билан боғлиқ.
Шуни таъкидлаш лозимки, бу касалликларни коронавирус мутацияси билан боғлаш нотўғри. Бугунги кунда COVID-19 оддий респиратор инфекция шаклига айланган, мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарор.
Тиббиёт муассасаларида ўткир респиратор вирусли инфекцияларни даволаш учун зарур ўрин-жой ва дори-дармон захиралари яратилган. Юртимиздаги эпидемик вазият мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.
Вазирлик болаларда шундай белгилари пайдо бўлганда, ота-оналарни ўз вақтида оилавий шифокорга мурожаат қилишга чақирди.
Умуман олганда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда вазият барқарор бўлиб, хавотир учун асос йўқ.