Сўх туманида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича мастер-режа ишлаб чиқилмоқда
Сўх туманида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича мастер-режа ишлаб чиқилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сўх тумани ўзининг бой тарихий мероси, бетакрор табиати ва пурвиқор тоғлари билан вилоятнинг туристик салоҳияти юқори бўлган ҳудудларидан бири саналади. Бугунги кунда туман иқтисодиётини юксалтиришнинг асосий драйвери сифатида туризм соҳасини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари белгилаб олинган.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳудудда туризм инфратузилмасини тубдан янгилашни назарда тутувчи мастер-режа лойиҳаси билан танишди.
Сўх дарёси қирғоғи ва атрофида янги туризм объектлари, меҳмонхоналар, дам олиш ва бошқа турли масканлар барпо этилиши кўзда тутилмоқда. Бу ерда саёҳатчиларни мароқли дам олишлари учун қулай шароитлар яратилади. Туманнинг рекреацион имкониятларидан келиб чиқиб, янги туристик маршрутлари шакллантирилади.
Вилоят раҳбари мастер-режани туманнинг ўзига хос географик имкониятларидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди. Шунингдек, ҳудудда даволаш-соғломлаштириш ва зиёрат туризми каби қатор истиқболли йўналишларни ҳам қамраб олиш зарурлиги таъкидланди.