Валюта курслари 11/07/2025
$1 – 12634.34
UZS – -0.15%
€1 – 14821.34
UZS – -0.01%
₽1 – 162.37
UZS – 0.3%
Қидириш
Ўзбекистон 11/07/2025 Сўров натижалари: шифокорлар коррупцияни рад этмоқда, беморлар эса тўлашда давом этмоқда

Сўров натижалари: шифокорлар коррупцияни рад этмоқда, беморлар эса тўлашда давом этмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бирламчи тиббиёт муассасаларида коррупцион омилларни аниқлаш бўйича ўтказилган сўровномада жами 4 821 нафар респондент, шундан 1 968 нафар аҳоли ва 2 853 нафар бирламчи тиббиёт муассасаси ходими иштирок этди.

Сўровнинг асосий мақсади — аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида мавжуд коррупцион омилларни аниқлаш, шунингдек, уларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Муаммонинг долзарблиги: коррупция ҳар қандай жамият ривожига тўсқинлик қилувчи, фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини сусайтирувчи жиддий муаммолардан биридир. Айниқса, аҳолининг энг муҳим эҳтиёжларидан бири бўлган соғлиқни сақлаш тизимида коррупциянинг мавжудлиги фуқароларнинг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланишига тўсқинлик қилиб, уларнинг ҳуқуқларини бузади. Шу сабабли, бирламчи тиббиёт муассасаларидаги коррупцион ҳолатларни аниқлаш ва уларга қарши курашиш масаласи Ўзбекистон учун ўта долзарб ҳисобланади.

Аҳоли ўртасида:

Сўровнома иштирокчиларининг 49% шаҳар жойларида, 51% эса қишлоқ жойларида яшовчи аҳолидан иборат. Уларнинг 57% аёллар ва 43% эркакларни ташкил этди.

Респондентларнинг 41% 31-45 ёшдагилар, 27% 18-30 ёшдагилар, 21% 46-55 ёшдагилар, 9% 56-64 ёшдагилар ва 2% 65 ва ундан юқори ёшдагиларни ташкил этди.

Иштирокчиларнинг 65% поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида тиббий хизматлардан фойдаланишда тиббиёт ходимига пул ёки совға (шифокор қабулига тезроқ кириш, яхшироқ муомала ёки маълумотнома (справка)/меҳнатга лаёқатсизлик варақасини олиш мақсадларида) бермаганлигини билдирган. 15% респондент эса бепул тиббий хизматдан фойдаланишда тиббиёт ходимларига пул ёки совғалар берганлигини таъкидлаган. Шунингдек, 14% респондент бу каби ҳолатларни эслай олмаслигини, 6% ушбу саволни жавобсиз қолдиришини билдирган.

Юқоридаги саволга ижобий жавоб берган респондентларнинг 152 нафари бу ҳолатда ўзи ташаббускор бўлганлигини, 93 нафари эса тиббиёт ходимлари сўраганлиги ёки шаъма қилганлигини билдирди. Шунингдек, 49 нафар респондент ушбу ҳолат ҳар икки томоннинг ўзаро розилиги билан амалга оширилганлигини таъкидлаган.

Шунингдек, бирламчи тиббиёт муассасаларида юқоридаги каби норасмий муносабатларнинг (суюнчи, миннатдорлик, пора) қанчалик тарқалгани бўйича респондентлар муносабати ўрганилди. Унга кўра, респондентларнинг 39% оилавий поликлиника ва шифокорлик пунктларида бу каби ҳолатлар баъзан кузатилишини билдирган бўлса, 23% деярли учрамаслигини, 20% умуман учрамаслигини ва 17% жуда кенг тарқалганлигини таъкидлаган. Респондентларнинг 1%и ушбу саволни жавобсиз қолдиришни маъқул деб топган.

Сўров натижаларига кўра, 37% иштирокчи бепул тиббий хизмат учун миннатдорлик сифатидаги коррупциянинг энг кўп тарқалган кўриниши совға ёки пул бериш эканлигини, 26% респондент хизмат учун яширинча пул олиш кўринишида ва 5% бошқа кўринишларда кузатилиши ҳақида фикр билдирган бўлсалар, иштирокчиларнинг 30% тизимда коррупция йўқлигини таъкидлаган. 2% респондент ушбу саволни жавобсиз қолдиришни маъқул деб топган.

Бирламчи тиббиёт тизимида коррупциянинг бошқа турлари борлигини таъкидлаган иштирокчилар асосан туғруқхоналарда суюнчи пули ва шу каби бошқа миннатдорчилик кўринишида, тиббиёт ходимлари томонидан беморларга ўзлари манфаатдор бўлган ва ҳамкорликда ишлайдиган фармацевтика компанияларининг дори воситаларига асосланган рецептлар тузиш кўринишида, операцияларни ўтказиш кўринишида учрашини маълум қилган.

Иштирокчиларнинг хабардорлигини баҳолаш мақсадида бирламчи тиббиёт муассасаларида коррупцион ҳолатларга гувоҳ бўлганда қандай йўл тутиши юзасидан савол берилди. Унга 37% респондент тиббиёт ходимлари томонидан ОП ва ОШПларда ноқонуний пул талаб қилиш ҳолатларига дуч келинганда тезлик билан тегишли идораларга ҳабар беришини, 34% эҳтимол хабар беришини, 16% бу саволга жавоб бера олмаслигини ва 13% ҳеч кимга хабар қилмаслигини билдирди.

Шу билан бирга, “Нималар соҳада коррупцияни келтириб чиқарувчи асосий омиллар ҳисобланади?” деган саволга иштирокчиларнинг 45% бирламчи тиббиёт муассасалари ходимларининг ойлик маошининг пастлиги, 36% одамларнинг ўзлари, 23% тизимда коррупцияга қарши курашиш бўйича тарғиботнинг сустлиги ва 22% соҳанинг тўлиқ рақамлаштирилмаганини таъкидлади. Сўровноманинг мазкур саволида респондентларга бир нечта жавобларни белгилаш имконияти тақдим этилган.

Иштирокчилар бирламчи тиббиётда хизмат сифатини ошириш ва норасмий муносабатларни камайтириш бўйича қуйидаги асосий таклифларни илгари сурди:

- соҳада қоғозбозликни камайтириш;

- соҳада коррупцияга қарши курашиш бўйича тиббиёт ходимлари ва аҳоли ўртасида тарғиботни кучайтириш;

- бирламчи тиббиёт тизимини тўлиқ рақамлаштириш;

- тиббий суғурта тизимини тўлиқ ишга тушириш;

- фойдаланиш мумкин бўлган бепул тиббий хизматлар пакети ва дори воситалари тўғрисида ахборот берувчи маълумотларни ОП ва ОШПларда барча учун кўринадиган жойларда бўлишини таъминлаш;

- тиббиёт ходимларини беморлар билан конструктив ва хизмат этикасига риоя қилган ҳолда мулоқот қилишга ўргатиш.

Тиббиёт ходимлари ўртасида.

Респондентларнинг 75% аёллар ва 25% эркаклардан иборат.

Сўровномада иштирок этган тиббиёт ходимларининг 66% ҳамширалар, 16% шифокорлар, 8% кичик тиббий ходимлар, 10% бирламчи тиббиёт муассасалари раҳбар лавозимларида ва бирламчи тиббиёт муассасаларида бошқа лавозимларда банд бўлганларни ташкил этди.

Респондентларнинг 57% Оилавий поликлиникаларда, 22% Оилавий шифокорлик пунктларида ва 21% бошқа муассасаларда фаолият юритувчи тиббий ходимларидан иборат.

Сўровнома иштирокчиларининг 36% ўзлари ишлайдиган тиббиёт муассасаларидаги умумий меҳнат шароитларидан тўлиқ қониқишини билдирган. Уларнинг 40% яратилган шароитлардан қисман, 15% умуман қониқмаслигини маълум қилган. Шунингдек, 9% иштирокчилар ушбу саволга жавоб беришга қийналишини билдирган.

“Сизнингча, оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктларида (бирламчи тиббиёт) коррупция борми?” деган саволга 56% респондентлар “йўқ” деб жавоб берган бўлса, уларнинг 29% “билмайман” деб, 12% эса “ҳа, бор” деб жавоб берган. 3% респондентлар ушбу саволни жавобсиз қолдиришни маъқул деб топган.

Респондентларнинг 57% бирламчи тиббиётда коррупция умуман йўқлигини, 13% ОП ва ОШПларга ишга киришда, 8% юқори турувчи ташкилотлардан келган комиссияни “рози” қилишда, 6% меҳнатга лаёқатсизлик варақасини беришда, 5% беморларни тиббий кўрикдан ўтказишда ва 5% клиник даволанишга ордер бериш муносабатларида кўпроқ учрашини маълум қилган. 6% респондент ушбу саволни жавобсиз қолдиришни маъқул деб топган.

“Сизнингча, бирламчи тиббиёт муассасаларида беморлар ёки уларнинг яқинлари томонидан тиббий хизмат учун норасмий “миннатдорчилик” (пул ёки совға) бериш ҳолатлари қанчалик тез-тез учрайди?” деган саволга 58% респондент “умуман учрамайди ва менда бу каби ҳолатлар учрамаган” деб, 18% “камдан-кам учрайди”, 17% “баъзан учрайди” ва 5% “жуда тез-тез учрайди” деб фикр билдирган. 2% респондент ушбу саволни жавобсиз қолдиришни маъқул деб топган.

Бирламчи тиббиёт муассасаларида беморлар ёки уларнинг яқинлари томонидан тиббий хизмат учун норасмий “миннатдорчилик” (пул ёки совға) бериш ҳолатлари учраб туришини билдирган респондентларнинг 38%и тизимдаги бу каби норасмий миннатдорчилик тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари пастлиги сабабли, 36% аҳолининг ўзида “шундай қилиш керак” деган тушунча шаклланиб қолгани сабабли, 17% шу орқали хизмат сифатини яхшилашга умид қилиши туфайли ва 9% бошқа (хизматимиздан мамнун бу́лгани учун, соғайиб кетганликлари учун хурсандчиликдан, кейинги сафар жой йўқ, деб кайтармаслик ва яхши хизмат кўрсатиши учун, беморга қилинган чиройли муомала ва сифатли тиббий хизмат учун, тиббиёт ходимининг ташаббуси ва талаби) сабабларни асосий омил сифатида кўрсатган.

Шунингдек, респондентларнинг 50% бирламчи тиббиёт тизимида юқори турувчи раҳбарият томонидан ходимлардан норасмий “йиғимлар” ёки бошқа турдаги таъмагирликка йўл қўйиш ҳолатлари учрамаслигини билдирган. 18% иштирокчи бу каби ҳолатларни эшитганлиги, лекин шахсан гувоҳи бўлмаганини, 19% бу саволга жавоб беришга қийналишини ва 13% бундай ҳолатлар учраб туришини таъкидлаган.

Сўровномада респондентларнинг нафақат коррупциявий омилларга оид, балки уларнинг олдини олишга қаратилган фикри ўрганилди. Унга кўра, иштирокчиларнинг 48% томонидан бирламчи тиббиёт муассасаларида ишловчи тиббиёт ходимларининг ойлик маошини ошириш, 21% томонидан аҳоли ва тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий онгини ошириш, 14% томонидан бирламчи тиббиёт муассасаларида тиббиёт ходими ва бемор ўртасидаги расмий муносабатларни тўлиқ рақамлаштириш, 7% томонидан коррупциявий омилларни юзага чиқмаслиги учун қатъий назорат ва жазо чораларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. 10% респондент ушбу саволнинг жавобини очиқ қолдирган.

Респондентлар бирламчи тиббиёт тизимини яхшилаш ва ходимлар учун қулай шароит яратиш бўйича қуйидаги асосий таклифларни билдирди:

- тиббиёт ходимларининг ойлик маошини ошириш;

- аҳолининг тиббий маданиятини ошириш;

- соҳани рақамлаштириш;

- тиббиёт муассасаларини зарур мутахассислар билан тўлиқ таъминлаш;

- тиббиёт муассасаларида хоналар етишмовчилигини бартараф этиш ва уларни зарур инфратузилма билан тўлиқ таъминлаш.

Якуний хулоса ва амалий тавсиялар.

Сўров натижалари бирламчи тиббиёт соҳасида коррупцион омилларнинг мавжудлигини, гарчи уларнинг тарқалиш даражаси аҳоли ва тиббиёт ходимлари томонидан турлича баҳоланса-да, яққол кўрсатмоқда. Аҳолининг каттагина қисми (15%) норасмий тўловларга дуч келган ёки уларни амалга оширган бўлса, тиббиёт ходимлари бундай ҳолатларни камдан-кам учрайдиган ёки умуман учрамайдиган ҳолат сифатида баҳолайди. Бу эса тизимдаги яширин муаммолар ва шаффофликнинг етишмаслигидан далолат беради.

Аниқланган асосий муаммолар:

аҳоли орасида бепул тиббий хизмат учун миннатдорчилик сифатида пул ёки совға бериш каби норасмий тўловларнинг мавжудлиги;

ҳам аҳоли, ҳам тиббиёт ходимлари томонидан паст ойлик маошлар коррупциянинг асосий омили сифатида кўрсатилганлиги;

аҳоли орасида "шундай қилиш керак" деган тушунчанинг мавжудлиги норасмий муносабатларнинг сақланиб қолишига сабаб бўлаётганлиги;

ортиқча қоғозбозлик ва электрон тизимларнинг тўлиқ жорий этилмаганлиги тизимда коррупция учун имкониятлар яратаётганлиги;

коррупцияга қарши курашиш бўйича аҳоли ва тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмаганлиги;

коррупцион ҳолатларга гувоҳ бўлганда аҳолининг тегишли идораларга мурожаат қилишга иккиланиши.

Аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан ишлаб чиқилган амалий тавсиялар:

бу коррупцияни келтириб чиқарувчи асосий иқтисодий омилни бартараф этишга ёрдам беради. Маошларнинг рақобатбардош даражага келтирилиши ходимларнинг қонуний даромадга бўлган эҳтиёжини қондиради ва норасмий тўловларга мойиллигини камайтиради;

электрон навбатлар, тиббий карталар ва рецептлар тизимини тўлиқ жорий этиш қоғозбозликни камайтиради, инсон омилини чеклайди ва шаффофликни оширади;

аҳоли ва тиббиёт ходимлари ўртасида коррупциянинг салбий оқибатлари, унинг жиноий жавобгарлиги ва тегишли идораларга мурожаат қилиш тартиблари ҳақида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш зарур. “Суюнчи” ва “миннатдорчилик” каби тушунчаларнинг коррупция эканлигини аниқ тушунтириш лозим;

мажбурий тиббий суғурта тизимининг тўлиқ фаолият юритиши фуқароларга кафолатланган тиббий хизматларни бепул олиш имкониятини яратади ва норасмий тўловларга эҳтиёжни камайтиради;

бирламчи тиббиёт муассасаларида бепул тиббий хизматлар пакети ва дори воситалари рўйхати ҳақидаги маълумотларни барча учун кўринарли жойларга осиб қўйиш, шунингдек, ушбу маълумотларни аҳолига турли ахборот каналлари орқали етказиш керак;

тиббиёт ходимларини беморлар билан конструктив ва хизмат этикасига риоя қилган ҳолда мулоқот қилишга ўргатиш, уларнинг маданиятини ошириш бўйича тренинглар ўтказиш зарур;

коррупцион ҳолатлар аниқланганда тезкор ва адолатли чоралар кўриш, жазонинг муқаррарлигини таъминлаш коррупцияга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг