Солиқ хизмати ходимлар учун даромад ва харажатлар декларациясини жорий этмоқда
Солиқ хизмати ходимлар учун даромад ва харажатлар декларациясини жорий этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пулатов ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолади.
Меморандум коррупциянинг олдини олиш бўйича тизимли ишларни мустаҳкамлаш, солиқ органлари фаолиятининг шаффофлигини ошириш ҳамда замонавий ички назорат механизмларини жорий этишга қаратилган.
Ҳужжат солиқ органлари тизимида ҳуқуқбузарликларнинг оқибатларини бартараф этиш билан чекланиб қолмай, энг аввало коррупциявий омилларни барвақт аниқлаш ва профилактик механизмларни жорий этишга йўналтирилган профессионал ва самарали коррупцияга қарши курашиш моделини шакллантиришни назарда тутади.
Шунингдек, рақамли технологияларни, жумладан сунъий интеллект асосидаги ечимларни кенг қўллаш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорлик сиёсатини изчил ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, Солиқ қўмитаси раиси Ф. Пулатов таклифи билан давлат солиқ хизмати ҳар бир ходимининг даромадларини декларация қилиш тизими ишлаб чиқилгани қайд этилди. Тадбир доирасида мазкур платформа тақдимоти ўтказилди. Айни пайтда Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида даромадларни декларация қилиш механизмини жорий этиш бўйича эксперимент синов тариқасида амалга оширилмоқда. Пилот лойиҳа якунларига кўра, ушбу тизим босқичма-босқич бутун республика бўйлаб жорий этилади.
Тадбир иштирокчилари томонидан барқарор коррупцияга қарши муҳитни шакллантириш, ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш ва хизмат одоби қоидаларини кучайтириш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди.