Валюта курслари 25/07/2025
$1 – 12653.48
UZS – -0.85%
€1 – 14871.64
UZS – -0.71%
₽1 – 159.75
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 23/07/2025 Соддалаштирилган тартибда ижро этиладиган ишлар тоифаси кенгайтирилмоқда

Соддалаштирилган тартибда ижро этиладиган ишлар тоифаси кенгайтирилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 431-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Маълумки, ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибида ундирувни қарздорнинг мол-мулкига (бундан пул маблағлари мустасно) қаратмаган ҳамда қарздорга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлламаган ҳолда амалга оширилади.

Мазкур қонун лойиҳаси билан соддалаштирилган тартибда ижро этиладиган ижро ишлари тоифаси кенгайтирилмоқда. Хусусан, видеоконференцалоқа харажатларини, коммунал хизматлар ҳамда кўп квартирали уйлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловлар бўйича қарздорликларни, шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги ижро ҳужжатларини соддалаштирилган тартибда ижро этиш назарда тутилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси ундирув самарадорлигини оширишга, мураккаб бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича қарздорларнинг яшаш жойига бориб, уларни ортиқча безовта қилиш ҳолатларининг олдини олишга, шунингдек, қарздорга нисбатан таъқиқ ва чекловларни қўлламаган ҳолда ундирувни амалга оширишга имконият яратади.

Мажлисда қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор саволлар ўртага ташланди. Жумладан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Дилбар Мамажонова ушбу қонун лойиҳаси фракция йиғилишида атрофлича муҳокама қилинганини қайд этиб, айрим масалаларга эътибор қаратди. Хусусан, бугунги кунда кўп қаватли уй-жойлар, коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммолар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани, яъни коммунал ташкилотлар ва бошқарув сервис компанияларининг аҳолига хизмат кўрсатиш сифати бугунги кунда жуда пастлиги айтилди. Шунингдек, ижро ҳужжатлари бўйича ундирув ногиронлиги бор шахслар, эҳтиёжманд аҳоли қатламлари иш ҳақи, стипендияси, пенсиясидан ушлаб қолинадиган бўлса, эҳтиёжманд аҳоли қатламини қийнаб қўймаймизми? деган саволни ўртага ташлади.

Қонун ташаббускорлари бу бўйича атрофлича тушунтириш бериб ўтишди.

Қизғин савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР