“Сўқоқ сомсаси” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти Паркент туманига қарашли Сўқоқ қишлоғига хос бўлган миллий таом — “Сўқоқ сомсаси” Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур маҳсулот ўзининг ўзига хос табиий масаллиқлари, хусусан, фақат Сўқоқ тоғларида ўсадиган халқ орасида «мадор» номи билан танилган ўсимлик ёки исмалоқдан тайёрланиши, шунингдек, бетакрор таъми ва хамирининг ўзига хос усулда тайёрланиши билан ажралиб туради.
Географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши:
“Сўқоқ сомсаси”нинг айнан Сўқоқ ҳудудига мансублигини белгилаб, унинг сифати, тарихий илдизлари ва маданий қийматини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилади.
Ушбу рўйхатга олиш жараёни Тошкент вилояти адлия бошқармасининг кўмагида амалга оширилди.
Эслатма: Географик кўрсаткич — бу маҳсулотнинг маълум ҳудудга хослиги ва унинг сифати, машҳурлиги ёки бошқа белгилари ўша ҳудуднинг табиий, инсоний ва тарихий омилларига чамбарчас боғлиқ бўлганлигини ифодаловчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.