СМТИда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликка бағишланган илмий-тадқиқот ҳисоботининг тақдимоти бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 14 ноябрь куни СМТИда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви арафасида "Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари" мавзусидаги илмий-тадқиқот ҳисоботининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи дипломатик миссиялари раҳбарлари ва ходимлари, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ каби халқаро ташкилотлар вакиллари, БМТ ва ЙХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳа координаторлари офислари, шунингдек, миллий таҳлилий ва академик муассасаларнинг етакчи мутахассислари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, ҳисобот Марказий Осиё мамлакатлари экспертлар ҳамжамиятининг биринчи қўшма маҳсулоти бўлди. У мунозарали илмий тадқиқот шаклида тайёрланган бўлиб, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини таҳлил қилишга бағишланган.
Унда ўтган етти йил давомида турли экспертлик майдонларида бўлиб ўтган муҳокамалар натижалари ўз ифодасини топган. Маъруза лойиҳаси жорий йилнинг 14-15 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган 8-Марказий Осиё экспертлар форумида ҳам муҳокамага қўйилди.
Ҳужжат минтақавий ҳамкорликнинг аввалги тажрибасини умумлаштиришга қаратилган ретроспектив таҳлилни, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклифларни ўз ичига олади.
Тақдим этилган маъруза тадбир иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди. Ўзбекистон томонининг ташаббуси муҳимлиги ва ўз вақтида илгари сурилгани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзода таъкидлаганидек, ҳисобот чуқур тизимлаштирилган тадқиқот бўлиб, Марказий Осиёда давлатлараро ҳамкорлик ривожланишининг тарихий босқичларини тушуниш учун зарур бўлган кенг фактологик материални ўз ичига олади.
Дипломат ушбу ҳужжат минтақавий интеллектуал муҳитни янада ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди. "Бундай салмоқли асар минтақа давлатларининг барча тилларига таржима қилиниши ва кенг китобхонлар оммасига етиб борадиган китобга айланиши керак," - дея хулоса қилди A.Rahmonzoda.
Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар ҳам тайёрланган ҳисоботнинг долзарблигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, минтақавий интеграция ҳеч қачон осон кечмаган, у сабр ва вақт талаб қилади. Европа Иттифоқи учун бу 75 йил давом этди, Марказий Осиё эса қисқа вақт ичида ҳайратланарли натижаларга эришди. Шу нуқтайи назардан, дипломат Брюссел Марказий Осиёда минтақавий яқинлашув жараёнларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши ва минтақа давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Умуман олганда, иштирокчилар ҳисобот Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўз қарашларини яратиш учун бошланғич нуқта бўла оладиган кўплаб амалий таклифларга эга кенг қамровли иш эканлигини эътироф этдилар.
Шу билан бирга, Халқаро сув ресурсларини бошқариш институтининг минтақавий ваколатхонаси раҳбари Барбара Януш-Павлетта Марказий Осиёнинг янада чуқур интеграцияга ўтиши учун таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликка кўпроқ эътибор қаратишни таклиф қилди. Бу, мутахассиснинг фикрича, минтақавий ҳамкорликни кучайтириш учун пойдевор бўладиган янги авлодни тарбиялаш имконини беради.
Тадбир якунида экспертлар минтақавий жараёнлар динамикасини янада чуқурроқ ўрганиш ва бу борада нашрлар тайёрлаш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.