СМТИ директори АҚШ Конгрессида "Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли" китобининг тақдимотида иштирок этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Америка Қўшма Штатларига ташрифи доирасида АҚШ Конгрессининг энг йирик ва муҳим офис мажмуаларидан бири бўлган "Рейбурн Ҳоусе Оффисе Буилдинг" биносида "Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли" китобининг тақдимоти ташкил этилди, дея хабар берилади СМТИ саҳифасида.
Тадбирда Конгресс, Оқ уй, Давлат департаменти, АҚШнинг асосий вазирлик ва идоралари, етакчи компания ва бизнес уюшмалари вакиллари, шунингдек, экспертлар ва журналистлардан иборат 70 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Тадбирнинг расмий қисмини Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев очиб берди.
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов ҳам сўзга чиқди.
СМТИ директори таниқли сиёсатшунос, сенатор, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов муаллифлигидаги китоб мазмуни ҳақида батафсил маълумот берди. Унинг таъкидлашича, асарда Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги саккиз йил ичида бошланган ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий босқичлари ва йўналишлари қайд этилган, шунингдек, уларнинг мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ривожланишига таъсири очиб берилган.
"Биз алоҳида воқейлик - Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақасидаги чуқур ўзгаришларни акс эттирувчи китобни тақдим этиш учун йиғилдик. Бу шунчаки ислоҳотлар ёки қисқа вақт ичида кенг кўламли ўзгаришларни бошлаш ва амалга оширишга муваффақ бўлган Раҳбар ҳақидаги асар эмас. Ушбу китоб Ўзбекистон кириб келаётган янги даврнинг гувоҳидир," - деди СМТИ директори.
Эксперт китобни нафақат ислоҳотлар солномаси, балки бугунги кунда Марказий Осиёда барқарорлик ва бирдамлик драйвери вазифасини бажараётган мустаҳкам, жадал ривожланаётган ва ўзига ишонган мамлакат сифатида Янги Ўзбекистоннинг қарор топиши рамзи сифатида таърифлади.
Элдор Арипов нашрда келтирилган фикр-мулоҳазалар миллий ислоҳотлар халқаро бирдамликни қандай мустаҳкамлаши ва барча учун ёрқин келажак қуришга қандай ҳисса қўшиши мумкинлиги ҳақидаги кенг қамровли муҳокамаларга туртки бўлишига умид билдирди.
Тақдимот доирасида тадбир иштирокчилари ўртасида мазмунли муҳокамалар ўтказилиб уларда Америка давлат тузилмалари, ишбилармонлар ва экспертлар вакиллари Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.
Умуман олганда, АҚШ Конгресси биносида ўтказилган "Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли" китобининг тақдимоти Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларни муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди ҳамда сиёсий ва эксперт доираларида кенг қизиқиш уйғотди. Мазкур тадбир Президент раҳбарлигида мамлакатни модернизация қилиш ва очиқлик сиёсатини юритиш йўлида эришилган ютуқларнинг эътирофи сифатида намоён бўлди. Шунингдек, бу Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги стратегик ҳамкорлик янада чуқурлашаётганининг намунаси бўлди.